Жарима баллари тизими (Э-жаримабалл)
2025-йил 1-июндан Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари жарима баллари билан баҳоланади. Баллар йиғиндиси 8 га етганда СМС огоҳлантириш келади, бир йил ичида 12 баллдан ошса — материаллар судга юборилади ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи кўрилади. Манба: Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 6-майдаги 296-сон қарори.
Тизим қандай ишлайди
- Балл қачон ёзилади. Фақат ДЙҲХХ ходими расмийлаштирган баённома бўйича қарор чиққанда. Фото ва видео камералар бўйича жарималар учун ҳозирча балл ёзилмайди.
- Ҳисоб қаерда юритилади. ИИВнинг «Э-жаримабалл» модулида автоматик; ҳайдовчи балларини мобил иловада кўради, ҳар бир балл ҳақида СМС келади.
- Ҳисоблаш даври. Биринчи қоидабузарлик кунидан кейинги йилнинг шу кунигача — бир йил.
- 8 балл — СМС орқали огоҳлантириш.
- 12 баллдан ошса — материаллар судга, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи.
- Рағбатлантириш. 6 ой қоида бузилмаса 2 балл чегирилади; 12 ой тоза юрган ҳайдовчининг кейинги биринчи балли ҳисобланмайди.
- Рози бўлмасангиз. ДЙҲХХ бўлинмасига мурожаат, судга ёки юқори органга шикоят; суд қарори бекор қилинса балл ўчирилади.
Қоидабузарликлар ва баллар
| Қоидабузарлик | Модда | Балл |
|---|---|---|
| Йўл-транспорт ҳодисаси жойидан кетиб қолиш | 137-м. 1-қ. | 2 |
| Белгиланган тезликни 60 км/соатдан ортиқ ошириш | 128³-м. 4-қ. | 2 |
| Белгиланган тезликни 40 дан 60 км/соатгача ошириш | 128³-м. 3-қ. | 1,5 |
| Йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда қатнашиш | 129-м. | 1,5 |
| Фойдаланиш тақиқланган ёки давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан олиб ташланган транспорт воситасини бошқариш | 125-м. 5-қ. | 1 |
| Тонировка бўйича қоидабузарлик бир йил ичида такрор | 126-м. 2-қ. | 1 |
| Белгиланган тезликни 20 дан 40 км/соатгача ошириш | 128³-м. 2-қ. | 1 |
| Светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига қарамай ўтиб кетиш | 128⁴-м. 2-қ. | 1 |
| Қарама-қарши ҳаракат томонига чиқиш; авария ҳолатини юзага келтириш | 128⁵-м. 2-қ. | 1 |
| Қувиб ўтиш қоидаларини бузиш | 128⁹-м. | 1 |
| Темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидаларини бузиш | 130-м. | 1 |
| Техник регламентга мос келмайдиган тонировка ёки кўзгусимон ойнали транспорт воситасидан фойдаланиш | 126-м. 1-қ. | 0,5 |
| Белгиланган тезликни 20 км/соатгача ошириш | 128³-м. 1-қ. | 0,5 |
| Маёқча ва махсус товуш сигнали ёқилган транспорт воситасига йўл бермаслик | 128⁵-м. 1-қ. | 0,5 |
| Ҳамроҳлик шарт бўлганда автобус ёки микроавтобусда ИИО ҳамроҳлигисиз одам ташиш | 128⁸-м. 2-қ. | 0,5 |
| Тормоз, рул ёки улагич қурилмаси носоз, ёхуд рухсатсиз қайта жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш | 125-м. 3-қ. | 0,3 |
| Одам ташиш қоидаларини бузиш | 128⁸-м. 1-қ. | 0,3 |
| Товуш сигналини сабабсиз бериш; заводда назарда тутилмаган товуш ёки ёритиш қурилмаларини ўрнатиш | 127-м. 1-қ. | 0,2 |
| Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш | 128⁶-м. | 0,2 |
Кўп сўраладиган саволлар
- Жарима баллари қачондан ҳисобланади? 2025-йил 1-июндан, фақат ДЙҲХХ ходими тузган баённома бўйича.
- Камера жаримаси учун балл ёзиладими? Ҳозирча йўқ — фақат инспектор расмийлаштирган ҳолатлар.
- Неча баллда права олиб қўйилади? Бир йилда 12 баллдан ошса — суд орқали маҳрум қилиш масаласи; 8 баллда СМС огоҳлантириш.
- Баллар камаядими? Ҳа: 6 ой қоида бузмасангиз 2 балл чегирилади; 12 ой тоза юрган ҳайдовчининг кейинги биринчи балли ҳисобланмайди.
- Балларни қаердан кўраман? «Э-жаримабалл» модули — ИИВ мобил иловаси ва СМС.
Бу йўлдаги жарима баллари. Амалий имтиҳондаги (автодром) хатолар учун баллар — алоҳида жадвалда.